Рақобат қўмитаси маълум қилишича, дори воситаларига белгиланган чекланган савдо устамаларини бузиш ҳолатлари Солиқ органлари томонидан аниқланиб, улар ҳақидаги маълумотлар қўмитанинг Fair Tech ягона ахборот тизимига юборилмоқда.
2026 йилнинг иккинчи чораги давомида мазкур тизим орқали келиб тушган хабарлар асосида ўтказилган ўрганишлар натижасида 237 та дорихонада, жумладан 33 та улгуржи ва 204 та чакана дорихонада, жами 148 810 та ҳолатда қонунбузарлик аниқланган.
Текширувлар давомида ушбу дорихоналар томонидан 1,9 миллиард сўм миқдорида асоссиз даромад олингани белгиланган.
Қўмита маълумотига кўра, қонунбузарликлар бўйича истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилган.
Шунингдек, Рақобат қўмитаси дори воситалари нархларига оид қонунчилик талабларини бузган дорихоналарга нисбатан чоралар кўриш давом эттирилишини, уларнинг рўйхати эса очиқ тарзда эълон қилиб борилишини маълум қилди.



