Давлат раҳбари форумнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани чуқур тарихий ва рамзий аҳамиятга эга эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ушбу анжуман жаҳон ҳамжамиятининг ислом цивилизацияси, унинг бой маънавий, илмий ва маданий меросига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
Президент бугунги кунда инсоният фан ва технологияларда катта ютуқларга эришаётгани билан бирга, можаролар, экстремизм, исломофобия ва маданиятлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар каби жиддий синовларга ҳам дуч келаётганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан илгари сурилган «Жаҳолатга қарши – маърифат» ташаббуси бугун ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолаётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, айнан илм-фан, таълим, маданият ва юксак ахлоқий қадриятларгина ер юзида тинчлик ва ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлай олади.
Президент ўз мурожаатида Ўзбекистон замини жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар юрти эканини эслаб ўтди. Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Имом Термизий ва бошқа буюк мутафаккирларнинг мероси бугун ҳам инсоният учун муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Давлат раҳбари Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини, ислом цивилизациясининг бой меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази турли мамлакатлар олимлари, тадқиқотчилари ва маърифатпарварларини бирлаштирувчи очиқ интеллектуал майдонга айланганини таъкидлаб, барча халқаро ҳамкорларни илм-фан ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга чақирди.



