Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таништиради.
+40 даражадан юқори кундузги иссиқлик ва тунги дим ҳаво тупроқдан намликнинг тез буғланишига олиб келади. Бу пахта, сабзавот, полиз ва боғдорчилик экинларида сувга бўлган эҳтиёжни ошириши, намлик танқислигига сезгир майдонларда эса иссиқлик стрессини келтириб чиқариши мумкин.
Мутахассислар суғориш ишларини эрталабки ёки кечки соатларда ташкил этишни, тупроқ намлигини мунтазам назорат қилишни, янги экилган кўчатларни қуёш таъсиридан муҳофаза қилиш ва чорва молларини куннинг энг иссиқ соатларида сояда сақлаш ҳамда етарли ичимлик суви билан таъминлашни тавсия этади.
Жазирама даврида ҳосил йиғим-терими ва дала ишларини ҳам имкони борича салқин вақтларга режалаштириш мақсадга мувофиқдир.


