Гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ички ишлар ва божхона органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида Давлатобод туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган, муқаддам судланган шахснинг яшаш хонадонида ташкил этилган нарколаборатория фош этилди.

Текширув жараёнида ушбу манзилдан 1 килограмм 119 грамм «гашиш», 111 грамм «марихуана», 493 грамм кукунсимон моддалар, синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда фойдаланиладиган формулалар ёзилган варақлар, турли кимёвий суюқликлар, гиёҳвандлик воситаларини қадоқлаш учун мўлжалланган зип-пакетлар, респираторлар, электрон тарозилар, қуритиш мосламалари ҳамда бошқа асбоб-ускуналар ва техник воситалар ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 6-қисми «а» банди ҳамда 276-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида маълумотга эга бўлган тақдирда, ДХХнинг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишга чақирди. Қайд этилишича, мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.