«Қорадори – 2026» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаронинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Аниқланишича, у ўз яшаш хонадони ҳовлисидаги 5,3 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил қилиб, сотиш мақсадида 714 туп каннабис ўсимлигини экиб, парваришлаб келган.

Экспертиза хулосасига кўра, мусодара қилинган каннабис ўсимликларининг соф оғирлиги 201 килограммни ташкил этган.

Яна бир тезкор тадбирда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи, 1966 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс пойтахтнинг Юнусобод туманида Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилди.

Текширув давомида унинг қўлидаги целлофан пакетдан 1 килограмм 994 грамм «гашиш» гиёҳванд моддаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Тергов маълумотларига кўра, мазкур гиёҳванд модда қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилган бўлиб, уни Тошкент шаҳрида сотиш режалаштирилган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.