Бир неча кун олдин Администрация раҳбари Саида Мирзиёева Андижон вилоятига ташриф буюриб, вилояти раҳбарияти ва туман ҳокимлари иштирокида ишчи йиғилиш ўтказган эди. Хусусан, унда аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш муҳокама қилинган.
Йиғилишда муҳокама қилинган асосий масалалардан бири 1980 йилларда қурилган магистрал сув тармоғини янгилаш бўлганди.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева томонидан Андижон вилоятида ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича давлат раҳбарига батафсил ахборот берилди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат юзасидан шахсан президент Шавкат Мирзиёев томонидан тезкор ва қатъий топшириқ берилган. Бунга асосан бугуннинг ўзидаёқ ҳудудда кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишларига старт берилди.
Хусусан, кўплаб хонадонлар ва ташкилотлар таъминотига дахлдор бўлган Андижон шаҳрининг Бобуршоҳ ва Олтинкўл кўчаларидаги магистрал сув ва оқова тизимларини қайта қуриш учун 98,9 миллиард сўм маблағ ажратилиб, амалий ишларга киришилди.

Буюртмачи сифатида «Сув таъминоти ва оқава сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» УК Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси танланган. «ФАЙЗ БИНОКОР ОЛТИАРИҚ» МЧЖ эса бош пудратчи сифатида иш олиб бормоқда.
Айни вақтда объектда 60 дан ортиқ техникалар ва юзлаб ишчилар ишламоқда. 2 та асфалт кесувчи, 40 та эксковатор, 20 та юк машиналари жалб қилинган ва 350 метр ер ишлари амалга оширилди.
Белгиланган вазифалар ижроси, маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши ва қурилиш ишларининг сифати Президент Администрацияси томонидан қатъий назоратга олинган.
Лойиҳанинг амалга оширилиши аҳолини барқарор ва сифатли ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.



