Ветнам Социалистик Республикаси Иммиграция хизмати маълумотига кўра, эндиликда мамлакатга киришдан олдин барча йўловчилар махсус электрон шаклни тўлдириши шарт. Янги тартиб Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг 23 июндаги HY561 рейсидан бошлаб амал қилади.

Йўловчилар Ветнамга учишдан олдин расмий электрон портал орқали Pre-Arrival Information шаклини тўлдириши, аризани мамлакат чегарасини кесиб ўтишдан камида 72 соат аввал юбориши лозим.

Рўйхатдан ўтиш якунланганидан кейин шакл бўйича тақдим этилган QR-кодни смартфонда сақлаб қўйиш ёки қоғозга чиқариб олиш тавсия этилади. Мазкур QR-код Ветнам чегара назоратидан ўтиш вақтида талаб қилиниши мумкин.

Авиаташувчи йўловчиларни сафар олдидан барча ҳужжатларни расмийлаштириб, янги талабларни олдиндан бажаришга чақирди.