Наманган давлат техника университетида ташкил этилган сунъий интеллект лабораторияси талабаларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни реал лойиҳаларда қўллаш ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Лаборатория таркибида таҳлил, робототехника ва бионика марказлари, стартап-акселератор, тўққизта “ақлли” хона ҳамда сунъий интеллект бўйича тайёргарлик хоналари ташкил этилган. Бу ерда сунъий интеллект, робототехника, “ақлли” транспорт, экология ва агротехнологиялар соҳаларида инновацион илмий-амалий лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Ташриф чоғида президентга вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида фаолият юритаётган сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилар томонидан тайёрланган қатор стартап лойиҳалар ҳам намойиш этилди.

Давлат раҳбари мазкур тажрибани кенгайтириш, мамлакат тараққиёти учун муҳим бўлган соҳаларга ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини кенг жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, президент ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг ғоя ва таклифларини тинглади ҳамда истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.




