22 июн куни бўлиб ўтган учрашувда давлат раҳбари Гусейн Гулиевнинг Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришдаги самарали фаолиятини алоҳида қайд этди.

Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайди. Олий ва юқори даражадаги мулоқотлар фаоллашди, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробарга ошди. Бугунги кунда Озарбойжон сармояси иштирокида 280 та корхона ташкил этилган бўлиб, Қўшма инвестиция компанияси ҳам фаолият юритмоқда.

Шунингдек, геология, қишлоқ хўжалиги, транспорт, шаҳарсозлик, тўқимачилик ва фармацевтика соҳаларидаги кооперация лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув йўналишида ҳам қатор муҳим дастурлар ҳаётга татбиқ этилган.

Учрашув якунида президент Шавкат Мирзиёев элчи Гусейн Гулиевга Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун «Меҳнат шуҳрати» орденини тантанали равишда топширди.

Гусейн Гулиев эса ўз навбатида, дипломатик фаолиятига берилган юксак баҳо ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўрсатилаётган доимий эътибор учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдирди.