ФВВ маълумотига кўра, воқеа кеча соат 13:00 атрофида Чирчиқ шаҳридаги “Шарқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўзсув каналида содир бўлган.
Канал қирғоқларида профилактик ўрганиш ишларини олиб бораётган қутқарувчилар сув оқимида ҳаракатсиз ҳолда оқиб кетаётган фуқарони пайқаб қолган. Шундан сўнг улар зудлик билан сувга шўнғиб, фуқарони қирғоққа олиб чиққан.
Ҳушсиз ҳолатда бўлган фуқарога қутқарувчилар томонидан воқеа жойининг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Маълум қилинишича, ҳозирда унинг аҳволи яхши.
Дастлабки маълумотларга кўра, фуқаро эҳтиётсизлик оқибатида каналга тушиб кетган. Сузишни билмагани сабабли эса кучли сув оқими уни олиб кетган.
ФВВ фуқароларни сув ҳавзалари ва каналлар атрофида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.



