Хитой Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги томонидан қабул қилинган «Электромобиллар учун қувват батареялари хавфсизлиги талаблари» (GB38031-2025) стандарти 2026 йил 1 июлдан кучга киради. Янги меъёрлар электромобил ишлаб чиқарувчилар учун мажбурий ҳисобланади.

Янгиланган стандартнинг энг муҳим жиҳати шундаки, батареяларда «термик қочиш» (thermal runaway) деб аталувчи хавфли жараён юз берган тақдирда ҳам ёнғин ёки портлаш содир бўлмаслиги керак. Илгари амалда бўлган талабларда ҳайдовчини хавф ҳақида камида беш дақиқа олдин огоҳлантириш етарли ҳисобланган бўлса, энди хавфнинг ўзига йўл қўйилмаслиги талаб этилмоқда.

Шунингдек, батареялар тезкор қувватлаш шароитидаги чидамлилик, механик таъсирларга бардошлилик ва авария вақтидаги хавфсизлик бўйича қўшимча синовлардан ўтказилади. Янги қоидалар электромобиллар ишончлилигини ошириш билан бирга, ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча харажатлар ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Сўнгги йилларда Хитойда электромобиллар бозори жадал ривожланмоқда. Бироқ батареялар билан боғлиқ айрим ёнғин ҳолатлари ва йўл-транспорт ҳодисалари хавфсизлик масаласини кун тартибига олиб чиққан. Шу сабабли мамлакат регуляторлари соҳадаги назоратни кучайтиришга киришган.

Мутахассислар фикрича, Хитойнинг янги стандартлари нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, балки жаҳон автомобиль саноати учун ҳам намуна бўлиши мумкин. Айрим таҳлилчилар Европа ва АҚШ ҳам келгусида шунга ўхшаш талабларни жорий этиши мумкинлигини таъкидламоқда.