Тасдиқланган янги тартибга кўра, ўқишини кўчириш учун тест синовларида иштирок этаётган талабгорларнинг миллий ёки халқаро тан олинган сертификатлари тегишли фанлар бўйича баҳолаш жараёнида инобатга олинади.

Жумладан, В1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган талабгорларга тегишли фан бўйича белгиланган максимал баллнинг 75 фоизи берилади. В2 ва ундан юқори даражадаги сертификат соҳиблари эса ушбу фан бўйича максимал баллга эга бўлади.

Мазкур баҳолаш механизми абитуриентлар учун амалда бўлган сертификатларни баҳолаш тартиби асосида қўлланилади.

Шу вақтга қадар ўқишини кўчириш учун имтиҳон топшираётган талабгорлар сертификатга эга бўлса ҳам, бу ҳолат уларнинг натижаларига таъсир қилмас эди. Янги тартиб эса сертификат соҳибларига қўшимча имконият ва устунлик яратади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгариш таълим сифатини ошириш, билим ва кўникмаларни холис баҳолаш ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.