Бош прокуратура, департаментнинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси ҳамда департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фирибгарлик ҳолатига чек қўйилди.
Маълум бўлишича, захирадаги кичик сержант У.К. фуқаро А.О.га ўзини Қашқадарё вилояти прокуратураси ходими сифатида таништирган. У фуқаронинг укаси Л.О.ни Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали вазирлик тизимига ишга жойлаштириб беришини айтган.
Бунинг эвазига у 3 минг АҚШ доллари талаб қилган. Тезкор тадбир давомида келишилган маблағнинг 1 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари (пора беришга далолат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



