Умумий қиймати 6 миллион доллар бўлган лойиҳа Россиянинг ҳамкор компанияси иштирокида амалга оширилган. Корхонада 80 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган бўлиб, бу ерда автокимё ва автокосметика маҳсулотлари, шунингдек меҳмонхона, ресторан ва саноат объектлари учун профессионал тозалаш воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

Айни пайтда корхонада 80 дан зиёд турдаги маҳсулотлар тайёрланади. Уларнинг сифати ISO 9001, “Ҳалол” ва МДҲ давлатларида амал қилувчи сертификатлар билан тасдиқланган.

2025 йил якунларига кўра, корхона томонидан 176 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шунингдек, 2,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, 14,7 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.

Бугунги кунда корхона маҳсулотлари Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон бозорларига етказиб берилмоқда. Келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини 294 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари бундай юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, импорт ҳажмини қисқартириш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.