Dpa агентлиги хабар беришича, Европа Иттифоқининг юқори мартабали амалдорлари ҳозирги босқичда музокарачи тайинлашни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисобламоқда. Бу позицияни ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ҳамда Германия бошчилигидаги етакчи Европа давлатлари қўллаб-қувватлаган.
“Аввало Россия билан айнан қайси масалалар муҳокама қилиниши бўйича келишиб олишимиз керак”, — деган агентлик суҳбатдошларидан бири.
Брюсселда Владимир Путинни музокаралар столига олиб келишда санкциялар босими муҳим восита бўлади, деган фикр устун. Шу муносабат билан 28 май куни Европа комиссияси ва Европа ташқи алоқалар хизмати Россияга қарши 21-пакет санкциялар лойиҳасини ёпиқ маслаҳатлашувларда тақдим этиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, янги санкциялар Россия молия сектори ва мудофаа саноатига маҳсулот етказиб берувчиларни қамраб олиши мумкин.
Сўнгги вақтларда Европа Иттифоқида Россия билан эҳтимолий музокаралар учун махсус вакил тайинлаш масаласи фаол муҳокама қилинган. Эҳтимолий номзодлар қаторида Европа Марказий банкининг собиқ раҳбари Марио Драги, Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель ҳамда Финляндия президенти Александр Стубб номи тилга олинган.
Россия президенти Владимир Путин эса музокарачи сифатида Германиянинг собиқ канцлери Герхард Шрёдерни кўришни исташини билдирган. Бироқ Германия ҳукумати ва Европа Иттифоқи вакиллари Путинга яқин сиёсатчи сифатида танилган 82 ёшли Шрёдер номзодини рад этган.
“Европаликлар номимиздан ким гапиришини ўзимиз ҳал қиламиз. Буни бошқалар белгиламайди”, — деган Германия канцлери Фридрих Мерц.

