Жаҳон тасниф жадвалида 89-поғонани эгаллаб турган теннисчи Камилла Раҳимова «Ролан Гаррос» турнирида биринчи босқич ўйинини ўтказди. Руминиялик Кристиан Жаклинга (33-рейтинг) қарши кортга чиққан ўзбекистонлик спортчи 3 сет (6:3, 4:6, 6:4) давом этган ўйинда ғалабага эришди. Раҳимова иккинчи давра баҳсини чехиялик Каролина Муховага қарши ўтказади.
«Катта дубулға» турнирларига кирувчи «Ролан Гаррос» (Теннис бўйича Франция очиқ чемпионати) 24 майдан 7 июнгача Париждаги Stade Roland Garros грунт кортларида бўлиб ўтади. Мусобақа соврин жамғармаси — тахминан 61,7 миллион евро. 2025 йилда эркаклар ўртасидаги баҳсларда испаниялик Карлос Алкарас, аёллар ўртасидаги баҳсларда америкалик Коко Гауфф ғалаба қозонган эди.
Асли россиялик бўлган Камилла Раҳимова 2025 йил декабрь ойида спорт фуқаролигини ўзгартириб, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон байроғи остида иштирок этишни бошлади.



