Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 19 май кунги йиғилишда низосиз ишларни ҳал этиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.
Унга кўра, қуйидагиларга оид қарздорликлар бўйича низосиз талабларни кўриб чиқиш тартиби ўзгаради:
- ижара тўловлари;
- кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар;
- коммунал хизматлар;
- алоқа хизматлари.
Санаб ўтилган тўловлардан қарздорликни ундириш билан боғлиқ талабларнинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан кўп бўлган тақдирда, амалдаги таомил асосида – суд томонидан, буйруқ тартибида кўриб чиқилади.
БҲМнинг минг баробаридан кам бўлган низосиз талабларга доир ишлар эса нотариуслар томонидан кўриб чиқилади.
Маълумот учун, БҲМнинг минг баробари ҳозирда 412 млн сўмни ташкил этади.



