Учрашувда шериклик алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон “яшил” энергетика соҳасининг асосий ҳамкори бўлган ACWA Power фаолиятини юқори баҳолади. Ўтган йил декабр ойида бошланган янги инвестиция ташаббуслари, жумладан, қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш лойиҳалари белгиланган режалар асосида изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.

Мулоқот давомида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Янги Тошкент” халқаро аэропорти қурилишини бошлаш, Фарғона шаҳрида кўп тармоқли тиббиёт муассасасини барпо этиш, IT-паркда замонавий маълумотлар марказини ишга тушириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув якунида саудиялик инвесторлар Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва яратилган қулай инвестиция муҳити учун миннатдорлик билдириб, лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга тайёр эканликларини таъкидладилар.

