Андижон вилояти Марҳамат туманида юк автомобили пиёдани уриб юбориши оқибатида у воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 26 апрел куни соат 17:05 атрофида Марҳамат тумани «Мустақиллик» МФЙ ҳудудидан ўтган D-140 «Шаҳрихон – Асака – Марҳамат – Қирғизистон Республикаси чегараси» автомобил йўлининг 41-километрида содир бўлган.

Маълум қилинишича, 20 ёшли ҳайдовчи «КамАЗ-5511» русумли юк автомобилини бошқариб кетаётиб, пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган пиёдани кўрмай қолган ва уни уриб юборган.

ЙТҲ оқибатида 39 ёшли пиёда олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Марҳамат тумани ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.