Андижонда 30 сотих ер савдоси ортидан маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси ва ушбу маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ўзаро тил бириктирган. Улар фуқарога чорвачилик мақсадида ажратиб берилган ер майдонининг 2 сотихини ҳамда давлат захирасида бўлган 28 сотих ерни Андижон шаҳрида яшовчи 37 ёшли шахс номига расмийлаштириб беришни режа қилган.
Жами 30 сотих ер майдонининг бир қисмини нотурар, қолган қисмини турар жой тоифасига ўзгартириб беришни айтган. Сўнгра ер учун 57 минг, кадастр идораларидаги танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириш учун эса 3 минг доллар талаб қилишган.
Маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси олдиндан ер майдони учун 28 минг, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун 3 минг доллари олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



