Туркия Суперлигаси 31-тури доирасида "Истанбул Бошоқшеҳир" ўз майдонида "Қосимпошо" жамоасини қабул қилди.
Мезбонларнинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов учрашувнинг 5-дақиқасида ҳисобни очди. Бертуғ Йилдирим (22) ва Дэви Зелке (81) ҳисобни йириклаштирган бўлса, мезбонларнинг сўнгги голига ҳам Шомуродов муаллифлик қилиб, дублга эришди.
Эндиликда Элдорнинг Суперлигадаги голлари сони 20 тани ташкил этмоқда ва 22 гол билан тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилаётган «Трабзонспор» ҳужумчиси Пол Онуачуни таъқиб қилмоқда.
Жамоанинг ўзбекистонлик яна бир аъзоси Аббос Файзуллаев эса жароҳати сабабли майдонга туширилмади.
"Истанбул Бошоқшеҳир" турнир жадвалида 31 ўйинда 51 очко жамғариб, 5-ўринда бормоқда. Ундан бир поғона юқорида жойлашган “Бешиктош” ҳисобида 30 ўйиндан сўнг 55 очко бор.



