Uzcard тўлов тизими банк карталаридан автоматик (акцептсиз) маблағ ечиб олишда минимал камайтирилмайдиган қолдиқ жорий этилганини эълон қилди.
2026 йил 15 апрелдан бошлаб, банклар ва бошқа ташкилотлар кредитлар, бўлиб-бўлиб тўлаш ва бошқа мажбуриятлар юзасидан шахснинг Uzcard картасидан автоматик маблағ ечиб олганида, баланс нолга тушиб қолмайди.
Бу операциялардан кейин карта ҳисобида камида 3 БҲМ (1 млн 236 минг сўм) маблағ қолиши шарт бўлади. Автоматик ечиб олишлар ана шу чегарадан ортиқ маблағ доирасида рўй беради.
Лекин агар мижознинг ўзи иккинчи томонга карта реквизитларини тақдим этса ва тўловни бир марталик код (OTP) билан тасдиқласа, мазкур қоида татбиқ этилмайди, бундай ҳолатларда карта ҳисобидаги маблағ тўлиқлигича ечиб олиниши мумкин.
“Банк ва мижоз” каналининг ёзишича, тез орада Humo тўлов тизими ҳам шундай тартиб ҳақида хабар бериши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ёқилғи ва алкогол каби бир қатор товар ва хизматларни нақд пулга сотиш тўхтатилган эди. Kun.uz мухбири Фарғонадаги АЁҚШларда бу янгилик қандай ишлаётганини ўрганаркан, аҳолининг муайян қисми кредит қарздорлиги туфайли ўзининг номидаги банк картасига пул ташламаслиги масаласи ҳам ўртага чиққан эди.



