Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонун (ЎРҚ–1137-сон, 2026 йил 21 апрель) давлат раҳбари томонидан имзоланди.
Қайд этилишича, ушбу қонун билан МЧЖ фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув тизими жорий этилмоқда, соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилмоқда ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатлари янада кучайтирилмоқда.
Қонун жами 71 та моддадан иборат бўлиб, уни ишлаб чиқишда маҳаллий ва хорижий экспертлар фикрлари, жамоатчилик таклифлари ҳамда илғор халқаро тажриба инобатга олинган.
Ҳужжатда бир қатор муҳим янгиликлар назарда тутилган. Хусусан, жамият кузатув кенгашининг ваколатлари ва аъзоларини сайлаш тартиби аниқ белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, кенгаш қарорларини сиртдан овоз бериш орқали қабул қилиш имконияти ҳам назарда тутилган.
Яна бир муҳим жиҳат — халқаро амалиётга мувофиқ кузатув кенгаши аъзолари ва ижро этувчи органлар учун фидуциар мажбуриятлар жорий этилмоқда.
Қонунга кўра, МЧЖ нафақат лицензия асосида, балки бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар ёки хабардор қилиш тартибида ҳам фаолият юритиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, жамиятларнинг филиал ва ваколатхоналарини, шуъба ва қарам хўжаликларини ташкил этиш тартиблари илк бор алоҳида модда сифатида мустаҳкамланмоқда.


