Қонун (ЎРҚ–1132-сон, 2026 йил 17 апрель) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, портатив лазерли нур тарқатгичлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиш билан бирга БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, мазкур қурилмаларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки Ўзбекистондан олиб чиқиш ҳолатлари учун БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима ва мусодара чораси белгиланди.

Портатив лазерли нур тарқатгичларни ноқонуний равишда ўтказиш ёки Ўзбекистонга олиб кириш ҳолатлари эса ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилган ҳолда БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Қонун билан, шунингдек, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ва таянч пунктлари фаолиятини такомиллаштириш, уларда хизмат қилувчи инспекторларнинг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилди.