Жиззах вилояти Мирзачўл тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари туман марказида жойлашган умумий овқатланиш масканида ўтказилган текширув чоғида ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича аниқланган камчиликлар юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирган.
Маълум қилинишича, у мазкур ҳолатни “ёпиб қўймаслик” ва тўпланган ҳужжатларни судга юбормаслик эвазига 3 миллион сўм талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс пул маблағини умумий овқатланиш маскани раҳбаридан олган вақтида ушланди.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фуқаролардан бундай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилиш сўралди. Шахсий маълумотлар махфийлиги кафолатланиши таъкидланди.



