Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Ю. ушланди.
У гўёки Тошкент вилояти кадастр филиалида ишловчи танишлари орқали Зангиота тумани Бўстон маҳалласида жойлашган давлат захирасидаги 24 сотих ер майдонини фуқаро Ш.А. номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Ушбу хизмат эвазига 20 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Д.К. ҳам ушланди. У ўзига тегишли 8 сотих томорқа ер майдони ҳамда темир йўл муҳофаза ҳудудига кирувчи яна 5 сотих ерни фуқаро А.С.га 39 минг АҚШ долларига сотишга келишган. Ер ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, олдиндан 5 минг доллар бўнак олган вақтида ушланган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



