Ўзбекистонда қоғозсиз иш юритишга ўтиш жараёни жадаллаштирилади. Бу борада 18 март куни «Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида иш жараёнларини рақамлаштириш доирасида қоғоздан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 июнга қадар:
- ишлатилган қоғозларни йиғиш учун махсус чиқинди қутилари ташкил этилади ва уларни қайта ишлаш корхоналарига етказиш тизими йўлга қўйилади;
- ҳар бир таркибий бўлинмадаги ходимлар сони, иш ҳажми ва ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, қоғоз сарфи учун чеклов жорий қилинади.
2026 йил 1 майдан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида:
- келгуси 5 йилда харажатлар сметасини тузиш жараёнида қоғоз, сиёҳ, принтер ва нусха кўчириш ускуналарини харид қилиш харажатлари миқдори ҳар йили 15 фоизга камайтирилган ҳолда режалаштирилади;
- принтерлардан марказлашган ҳолда умумий фойдаланиш тизими жорий қилинади. Бунда умумий фойдаланишдаги очиқ офисда фаолият юритувчи ҳар 20 нафар ходим учун 1 дона принтер ажратилади;
- ҳар ойда 1 маротаба «Қоғозсиз бир кун» экоакцияси ўтказилади.



