Ҳукуматнинг 2026 йил 16 мартдаги 106-сон қарори билан “Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, миллий табиий мерос объектларининг мақоми, турлари, уларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда ҳудудларида қурилиш ишларини амалга ошириш тартиби белгиланди. Ушбу соҳада ваколатли орган сифатида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси белгиланган.

Қайд этилишича, миллий табиий мерос объектлари биологик, геологик, гидрологик ва палеонтологик турларга ажратилади.

Табиий объектни миллий мерос рўйхатига киритиш учун таклифлар ваколатли органнинг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этилади. Таклифга объект ҳақида маълумотнома, унинг геолокацияси ҳамда фото ва видео материаллар илова қилиниши лозим.

Тақдим этилган таклиф 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Ҳудудий бўлинма томонидан объект жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, натижалари бўйича далолатнома расмийлаштирилади.

Шундан сўнг, ваколатли орган ҳужжатларни 5 иш куни ичида кўриб чиқиб, табиий объектни расмий рўйхатга киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Мазкур тартиб мамлакатда табиий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.