Мазкур намунавий низом давлат органлари ва ташкилотларида, шунингдек, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этишнинг ягона тартибини белгилайди.

Ҳужжатга кўра, ички назорат бўлинмалари коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларида коррупциявий омилларни камайтириш, шунингдек, ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга масъул бўлади.

Шу билан бирга, мазкур бўлинмалар томонидан давлат харидлари жараёнларини мониторинг қилиш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бартараф этиш, идоралар фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Низом лойиҳасида ички назорат бўлинмалари ходимларига қўйиладиган малака талаблари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, лавозимга тайинлаш ва озод этиш тартиби ҳам аниқ белгилаб берилган.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, хусусан ISO 37001 талаблари асосида тизимли ёндашувни жорий этиш орқали ички назорат механизмларининг самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Мазкур низомнинг қабул қилиниши давлат бошқаруви тизимида очиқлик ва ҳисобдорликни янада кучайтириш, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.