Хусусан, Покистоннинг йирик саноат гуруҳларидан бири — Omni Group of Companies раҳбарияти билан учрашувда Тошкент вилоятида шакар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, жумладан, янги завод қуриш ёки мавжуд корхоналардан бирини бошқарувга олиш имкониятлари кўриб чиқилди. Компания раҳбарияти Ўзбекистонда шакарга бўлган талаб юқори эканини қайд этиб, мазкур йўналишда инвестиция киритишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, музокараларда тракторлар йиғиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилишича, Omni Group озиқ-овқат саноати билан бирга энергетика, полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги техникаси соҳаларида ҳам фаолият юритади.

Ташриф доирасида Service Industries Limited компанияси билан ҳам учрашув ўтказилиб, пойабзал ва шиналар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. Покистон томони ушбу йўналишларда Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирди.

Учрашувлар якунида томонлар Ўзбекистон бозори имкониятларини чуқур ўрганиш, компания делегацияларининг Тошкент вилоятига ташрифини ташкил этиш ва саноат зоналари билан танишиш бўйича келишувга эришди.