Низомга кўра, молиявий қўллаб-қувватлаш 30 ёшдан ошмаган (шу жумладан, 30 ёшдагилар ҳам) ёшлар ҳамда педагог ходимларга ажратилади. Бунда улар QS (Quacquarelli Symonds) ёки THE (The Times Higher Education) рейтинглари бўйича ТОП-300 таликка киритилган хорижий олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ҳамда Ўзбекистон фуқароси бўлиши лозим.

Маблағ бакалавриат ва магистратура дастурларида таҳсил олиш учун ажратилади. Бир ўқув йили учун 20 минг АҚШ долларигача бўлган эквивалентда маблағ миллий валютада берилади.

Ажратилган маблағнинг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг 7-ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.

Молиявий қўллаб-қувватлашни олиш учун банкка мурожаат қилинганда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: ариза, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси, 1-курслар учун таклифнома-хат, 2-курсдан бошлаб академик ўзлаштириш натижалари, тўлов-контракт шартномаси ҳамда олий таълим ташкилотининг банк реквизитлари кўрсатилган инвойс, биргаликда қарз олувчиларнинг сўнгги 12 ойлик даромадлари ҳақида маълумот, шунингдек 30 ёшдан ошган педагоглар учун меҳнат дафтарчасидан кўчирма.

Мазкур маблағлар бўйича ставка Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида белгиланади.