Аҳоли хонадонларида табиий газ сарфининг иситиш мавсуми учун белгиланган 500 куб метрлик базавий меъёри Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 2026 йилнинг 15 мартига қадар узайтирилди.
Энергетика вазирлиги хабарига кўра, янгиланган об-ҳаво прогнозларидан келиб чиқиб шундай қарорга келинган. Совуқ ҳаво массаси фақат шимолий ҳудудлар эмас, республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам кириши эҳтимоли бор.
“15 мартдан кейин эса, об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, зарур бўлса, қўшимча чоралар кўрилади”, – дейилади расмий хабарда.
Аввалроқ иситиш мавсуми учун лимит Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятлари учун 15 мартгача узайтирилган эди.
Эслатиб ўтамиз, иситиш мавсумидан ташқари вақтдаги базавий меъёр ойига 100 кубометрни ташкил этади.



