Маълум қилинишича, тадбиркорлар ва инвесторлар фаолиятини кенгайтириш, Термиз халқаро савдо маркази ҳудудида катта ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш таклифи билдирилган. Шу муносабат билан марказ майдони 1 минг гектарга етказилиши белгиланди.
Мутасаддиларга мазкур кенгайтириш ҳисобидан марказдаги экспорт ҳажмини жорий йил 600 миллион, келаси йил 1 миллиард долларгача етказиш, шунингдек қўшимча 10 минг иш ўрни яратиш топширилди.
Қайд этилишича, янги лойиҳалар амалга оширилиши натижасида ҳам тадбиркорлар фаоллиги, ҳам савдо қилиш учун келадиганлар сони бир неча баробар ошиши кутилмоқда. Шу боис марказда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида махсус прокуратура ва ички ишлар бўлими фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, эндиликда марказ ҳудудидаги товар савдоси ва хизматлар экспорт сифатида баҳоланади. Уларга нисбатан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) “нол” ставкада қўлланиши белгиланди.



