Маълум қилинишича, дастурни муваффақиятли тугатган энг яхши 1 минг нафар ёшнинг лойиҳасига уч йил муддатга 200 миллион сўмгача 7 фоизли ссуда ажратилади.

Шунингдек, ҳар йили «Ёш тадбиркорлар» танлови ўтказилиб, энг яхши 100 та лойиҳани брендга айлантириш учун «Ёшлар венчурс» жамғармасидан 1 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилади.

Қайд этилишича, банклар биттадан консалтинг компания ташкил қилиб, жорий йилда 50 минг нафар ёш тадбиркорга бизнес-режа тайёрлашда ёрдам беради ва бу харажатларни қоплаб беради. Бундан ташқари, йирик савдо тармоқлари вакиллари ҳамда малакали мутахассислар жалб қилиниб, камида 20 минг ёш тадбиркорликка ўқитилади.

Шу билан бирга, 1 мартдан янги иш бошлаётган ёш тадбиркорларга инфратузилмага уланиш билан боғлиқ давлат хизматлари харажатлари Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилиши маълум қилинди.