Таклиф этилаётган ўзгартишларга кўра, ер участкасининг сифати ер эгаси ёки ердан фойдаланувчининг (ижарачининг) айби билан ёмонлашса ва бонитет балли камида 10 баллга пасайса, ер солиғи сифати ёмонлашишидан олдин амалда бўлган қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати асосида ҳисобланади.
Шу билан бирга, бонитет балли 10 ва ундан юқорига пасайган ҳолларда, ер солиғи тупроқ бонитировкаси ўтказилган йилдан кейинги йил бошидан беш йил давомида янги бонитет бўйича ҳисобланган норматив қийматдан келиб чиқиб, солиқ ставкасига нисбатан уч каррагача оширувчи коэффициентлар қўлланган ҳолда тўланиши белгиланмоқда.
Аксинча, қишлоқ хўжалиги ерларининг сифати яхшиланса (бонитет балли ошса), юридик шахслар ер солиғини беш йил давомида тупроқ сифатини баҳолаш (бонитировка) ўтказилган йилдаги норматив қиймат бўйича тўлайди.
Лойиҳада ер сифати ёмонлашгани ёки яхшилангани тупроқ тадқиқотлари натижалари асосида белгиланиши қайд этилган.
Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти ҳар йили январ ойида тупроқ сифатини баҳолаш натижаларини тегишли органларга тақдим этиши, туман халқ депутатлари кенгашлари эса ердан фойдаланувчилар кесимида ер солиғи ставкасига нисбатан оширувчи коэффициентлар миқдорини белгилаши назарда тутилмоқда. Ер сифати яхшиланган ҳолларда маълумотлар “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий лойиҳалаш институти томонидан солиқ органларига киритилади.



