Низомга мувофиқ, лаборатория асбоб-ускуналари ва бошқа зарур воситаларни харид қилиш учун аризалар масъул шахслар томонидан тақдим этилади. Жумладан, илмий лойиҳада — лойиҳа раҳбари, илмий мавзуда — илмий бўлинма раҳбари ёки тегишли илмий мавзуга раҳбарлик қилувчи шахс ариза беради. Диссертация тадқиқотида эса докторантларнинг илмий раҳбари ёки ўзаро келишув асосида илмий даража ва унвонга эга бўлган докторантлардан бири ариза тақдим этиши мумкин.
Аризада илмий фаолият йўналишлари кўрсатилган ҳолда марказлашган давлат хариди ёки мустақил равишда харид усулларидан бири танланади. Ариза махсус ахборот тизими орқали, муайян илмий фаолият йўналишида тадқиқотни амалга оширишга масъул ташкилот раҳбари томонидан келишилганидан сўнг юборилади.
Агентлик қабул қилинган аризалар бўйича шакллантирилган буюртмаларнинг 10 иш куни ичида белгиланган талабларга мувофиқлигини кўриб чиқади. Кўриб чиқиш натижаларига кўра маъқулланган аризалар махсус ахборот тизими орқали Харид комиссиясига юборилади.



