Маълум қилинишича, “а” бандига мувофиқ, махсус боғча, мактаб ва мактаб-интернатлардан ташқари таълим муассасаларининг бўш ер майдонларида ДХШ асосида боғча ташкил этган тадбиркорлар учун 30 йил давомида ижара тўловлари ундирилмайди. Ушбу муддат тугагач, боғча давлат балансига топширилади. 

Шунингдек, ҳар бир тарбияланувчи учун давлат боғчасидаги бир нафар болага сарфланадиган харажатнинг 50 фоизи миқдорида электрон давомат асосида субсидия ажратилади. Бу имтиёз 2024 йилдан бошлаб қамров даражаси 80 фоиздан паст ҳудудларда ташкил этилаётган нодавлат боғчаларга ҳам татбиқ этилади.

“Б” бандига кўра, ушбу туман (шаҳар)ларда боғча ва мактабларнинг бўш ер майдонларидан ташқари жойларда қуввати 150 ўриндан кам бўлмаган нодавлат боғчаларни ташкил этувчи тадбиркорларга 7 йилгача муддатга, йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 5 миллиард сўмгача кредит ажратилади. Бунда боғча 18 ойгача бўлган муддатда қурилиши шарт қилиб белгиланган.

Шунингдек, ер участкалари белгиланган тартибда аукцион орқали ажратилади ва ҳокимликлар ҳар йили 1 апрелга қадар ажратиладиган ерлар рўйхатини эълон қилиб боради. Нодавлат боғча фаолияти бошланганидан сўнг эса тарбиячиларнинг ойлик иш ҳақи давлат боғчаларида белгиланган миқдорда уч йил давомида электрон давомат асосида Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Қайд этилишича, “б” бандида назарда тутилган имтиёзлар давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган мактабгача таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.