Президентга тақдим этилган маълумотларга кўра, сув олиш жойларида сувни бошқариш ва ҳисобини юритишни такомиллаштириш мақсадида шоли майдонлари ҳамда балиқчилик хўжаликлари жойлашган ерларда “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситалари ўрнатилади. Ушбу қурилмалар “Сув ҳисоби” ахборот тизимига интеграция қилиниши режалаштирилган.

Тақдимотда, шунингдек, соҳада давлат назоратини кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, «Сувхўжаликназорат» инспекцияси ҳудудий бўлинмаларида сув тежовчи технологиялардан ҳамда сувдан фойдаланишни мониторинг қилиш бўлимлари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувларни ёнкамералардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий этилиши, қишлоқ хўжалиги экин майдонларида сув сарфи ва исрофини мониторинг қилиш учун дронлардан фойдаланишга рухсат берилиши айтилди.

Сув тежовчи технологиялар ўрнатилган ва субсидия ажратилган майдонларда улардан мақсадли фойдаланиш устидан назорат кучайтирилади. Бундай технологияларни ишлатмасдан анъанавий усулда суғориш сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш деб баҳоланиши таъкидланди.