Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг юқори тезлиги 80 км/соатгача туширилади. Бу Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг 2 февралдаги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжат йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, фуқаролар ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Қарор билан вилоят ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий махсус комиссиясининг давлат аҳамиятига эга D012 Бектемир-Чирчиқ-Ғазалкент-Чорбоғ қўрғони автомобил йўлининг 6 та аҳоли яшаш жойидан ташқари қисмида ҳаракат тезлигини камайтириш бўйича таклифи маъқулланди.
Spot нашри ёзишича, қарор автомобил йўли бўйлаб жойлашган аҳоли пунктлари яқинидаги қуйидаги участкаларга тааллуқли:
- Хитойтепа (19−20 км);
- Уйенкулсой (44−45 км);
- Сари Қанли (49−50 км);
- Ғазалкент (61−62 км);
- Қаранкўл (64−65 км);
- Чиноркент (71−74 км).
Аввал ушбу участкаларда ҳаракат тезлиги 100 км/соатгача рухсат этилган эди.
Вилоят Автомобил йўллари бош бошқармаси бошлиғига ўн кун муддатда ушбу ҳудудларда ҳаракат тезлигини чеклаш учун 3.24 «Юқори тезлик чекланган» (80 км/соат) йўл белгиларини ўрнатиш юклатилди.
Қайд этилишича, D012 йўлининг 19–74-километрлари оралиғида белгиланган тезликка амал қилмаслик оқибатида 2025 йилнинг 12 ойи давомида жами 63 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 15 киши вафот этган, 50 киши тан жароҳати олган.



