Қарорга мувофиқ, Жиззах вилояти ҳокимлиги тузилмасининг умумий штат бирликлари доирасида қуйидаги лавозимлар жорий этилди:
- ҳокимнинг тоғли ҳудудлар ва яйловларни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари;
- ҳокимнинг дашт ва чўл ҳудудларида саноатни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари.
Шунингдек, 2026 йилдан мазкур янги ҳоким ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашда натижага йўналтирилган бошқарув тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилади. Бунда:
- KPI кўрсаткичларини белгилашда тегишли ҳудудларда саноатни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича стратегик кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторлар инобатга олинади;
- KPI кўрсаткичлари стратегик, ҳудуд ва туман тоифаларига ажратилиб, ўзаро мутаносиблиги таъминланган ҳолда ишлаб чиқилади;
- KPI бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида мақсадларга эришганлик даражаси ва натижадорлик асосий баҳолаш мезони бўлади.



