Бухоро шаҳридаги “Global Lux Story Impeks” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, “Global Lux Story Impeks” МЧЖнинг 37 ёшли таъсисчиси Отабек Самандаров 2019-2023-йилларда Бухоро шаҳрида квартира сотишни ваъда қилиб, 40 нафардан ортиқ фуқаронинг ишончига кирган. У сохта шартномалар тузиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ҳозирда Отабек Самандаровга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Бухоро вилояти ИИБ ушбу шахсдан жабрланган фуқаролардан +99865-220-41-24, +99898-278-09-07 рақамлари орқали мурожаат қилишни сўраган.