Ҳайдовчилик гувоҳномалари сохталаштирилгани ҳолати юзасидан Давлат хизматлари маркази ходимлари ва бошқаларга нисбатан тегишли моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бош прокуратурада тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов жараёнида 8 та вилоятда — Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё ҳудудларида 1 200 нафардан ортиқ фуқароларга сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилганлиги аниқланган.

Таҳлиллар натижасида, сохта гувоҳномаларни олган фуқароларнинг 455 нафари 1 305 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузгани маълум бўлди. Шунингдек, 9 нафар шахс йўл-транспорт ҳодисаси содир этган бўлиб, оқибатда 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 3 нафари вафот этган.

Жиноят ишининг кенг ҳажмлилиги ва мураккаблигидан келиб чиқиб, Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи тузилган. Ҳозирда сохта гувоҳномалар ҳамда уларни расмийлаштиришга асос бўлган барча ҳужжатлар тўлиқ текширилиб, тергов ҳаракатлари режалаштирилган тартибда давом этмоқда.

Фуқароларга маълум қилинишича, ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда олиш лозим. Сохта ҳужжатлардан фойдаланиш қонун билан тақиқланган бўлиб, белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.