Фармацевтика агентлиги директори Абдулла Азизов дори воситалари учун референт нархлар туширилаётганини маълум қилди.
“5 декабрда 2 мингта дори препаратининг нархларини дистрибюторлар учун ўртача 40-60 фоизга туширдик, бу – юртимизга 70 млн доллар қайтишига олиб келди”, – деди Азизов 20 январ куни президент ҳузуридаги йиғилишдан кейин “Ўзбекистон 24”га берган интервюсида.
Унинг сўзларига кўра, 2 мингта препарат учун референт нархлар пасайгани – дорихоналардаги чакана нархларда 1 мартдан бошлаб акс этади.
“Янги низом ишлаб чиқилган, унга кўра яна 4 мингта импорт дори воситасининг нархи тушиши кутиляпти. Яъни йил давомида 6 мингга яқин дори воситаларининг нархи тушади”, деди Фармагентлик раҳбари.
У, шунингдек, 2026 йилда электрон рецепт тизими тўлиқ ишга туширилишини маълум қилди.
“Ҳозирги кунда 400 мингдан ортиқ (тақдимотда 387 мингта кўрсатилган – таҳр.) электрон рецепт ёзиб берилган, лекин шундан бор-йўғи 54 мингтаси дорихоналарда реализация қилинган.
Бош прокуратура билан биргаликда, ишларимизни жадаллаштирадиган бўлдик. Дорихоналарнинг текшируви, улар ҳақиқатан ҳам электрон рецептдан фойдаланяптими – назоратга оламиз. Шу билан бирга, Солиқ қўмитасидан ҳам маълумотларни олиб, гармонал ёки антибиотик дори препаратлари электрон рецепт асосида сотилаётгани ёки сотилмаётганини назоратга оламиз”, – деди Абдулла Азизов.



