Аввалига “фаровонлик режаси” ҳақида Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтаётган Жаҳон иқтисодий форуми (ЖИФ)да эълон қилиш режалаштирилган эди. Бу йил форум 19–23 январ кунлари бўлиб ўтмоқда. Шу ернинг ўзида АҚШ, Европа ва Украина вакиллари ўтказган музокаралар якунлари бўйича ҳужжатни келишиб олиш кўзда тутилган эди. Аммо ҳозир бу тадбирлар қолдирилди (кейинга сурилди), деб ёзади FT.
“Ҳозир ҳеч ким АҚШ президенти Доналд Трамп билан бўладиган келишув атрофида катта шов-шувли саҳна кўриниши уюштириш кайфиятида эмас”, — деди нашр суҳбатдошларидан бири. Унинг айтишича, Гренландия атрофидаги тортишувлар ва Америка етакчиси эълон қилган “Тинчлик кенгаши” мавзуси Украинадаги урушни тартибга солиш масаласини четга суриб қўйди.
Январ ойи бошида ОАВ Вашингтон ва Киев Украина урушдан кейин тикланиши бўйича 800 млрд долларлик келишувни имзолашга тайёрланаётганини ёзган эди. Таъкидланишича, бу ЖИФ доирасида рўй бериши мумкин. Бироқ шу билан бирга, имзолашнинг аниқ санаси белгиланмагани, чунки ҳужжат яна такомиллаштиришни талаб қилиши ҳам қайд этилган.
20 январ куни Украина президенти Володимир Зеленский ЖИФга фақат АҚШ билан хавфсизлик кафолатлари бўйича ҳужжатлар, шунингдек “фаровонлик режаси” имзоланадиган бўлса, боришини айтди. У буни Киев ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларига қарши Россиянинг навбатдаги оммавий ҳужумидан кейин келиб чиққан оқибатларни бартараф этиш ишларини давом эттириш зарурати билан изоҳлаган.



