«Сув стресси» ва «сув инқирози» тушунчалари энди дунёнинг янги сув воқеликларини акс эттирмайди, дейилади ҳисоботда.
Муаллифларнинг таъкидлашича, ўнлаб йиллар давомида сувдан ҳаддан ташқари фойдаланиш ва унинг ифлосланиши, экотизимларнинг бузилиши ва иқлим омилларининг кучайиши оқибатида кўплаб сув тизимлари тикланиш нуқтасидан ташқарида қолган. Шунинг учун тадқиқотчилар янги атама - «сув банкротлиги»ни қўллашни таклиф қилмоқда. Унинг маъноси шуки, узоқ муддатли истеъмол сувнинг табиий тикланишидан барқарор равишда ошиб кетмоқда, табиатга етказилган зарар эса олдинги даражага қайтишни деярли имконсиз қиляпти.
Ҳисоботда таъкидланишича, тобора кўпроқ йирик дарёлар суви йилнинг айрим даврларида денгизга етиб боришдан тўхтайди, дунёдаги энг йирик кўллар эса камайишда давом этмоқда. Сўнгги 50 йил ичида сайёра 410 миллион гектарга яқин сувли-ботқоқ ерлардан маҳрум бўлди - бу ҳудуд майдони жиҳатидан Европа Иттифоқи билан таққосланади.
Ҳисоботда ерости сувларига алоҳида эътибор берилган. Ичимлик суви таъминоти ва суғориш учун фойдаланиладиган энг йирик сув объектларининг 70 фоизга яқини барқарор узоқ муддатли камайишни кўрсатмоқда. Айниқса, шаҳарларда сувга бўлган талаб мавжуд ресурслардан ошиб кетганда, сувсиз қолиш ҳолатлари эҳтимоли тобора кўпайиб бормоқда.
Иқлим ўзгариши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. 1970 йилдан бери дунё музликлар массасининг 30 фоиздан ортиғини йўқотди, бу эса юз миллионлаб одамлар ҳаётига боғлиқ бўлган эриган сувларнинг мавсумий захираларига бевосита таъсир қилади.
Институт директори ва ҳисобот муаллифи Каве Мадани сўзларига кўра, сув банкротлиги оқибатлари аҳоли яшайдиган барча қитъаларда сезилади, аммо бу ҳар бир мамлакат аллақачон шундай ҳолатга тушиб қолганини англатмайди. Унинг таъкидлашича, гап аввало огоҳлантириш ва сув сиёсатини қайта кўриб чиқиш зарурати ҳақида бормоқда.
Мадани ҳукуматларни муаммонинг кўламини ҳозирданоқ тан олишга, ечимларни кечиктирмасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, сув банкротлигини тан олиш янада жиддий ва қайтариб бўлмайдиган зарарнинг олдини олиш учун бошланғич нуқта бўлиши керак.
«Биз бу ёндашувни қабул қилишимиз, англашимиз ва аччиқ ҳақиқатни бугуноқ - янада жиддий ва қайтариб бўлмас зарар етказишдан олдин тан олишимиз керак», деди Мадани.
Ҳисобот мавжуд маълумотлар ва статистик рақамларга асосланган бўлиб, сув муаммоларининг тўлиқ рўйхатини акс эттиришга даъво қилмайди. Унинг мақсади муаммони муҳокама қилишга ёндашувнинг ўзини ўзгартиришдир.



