Тошкент давлат тиббиёт университети яқинида ҳинд тилида ёзилган реклама пешлавҳаси ўрнатилгани маълум бўлди. Унда ҳот-дог ва ҳамбургер реклама қилинган.

Бу ҳақдаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу реклама тегишли ҳужжатларсиз, ноқонуний ўрнатилганини аниқлади.

Қайд этилишича, пешлавҳада “Давлат тили тўғрисида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунлар талаблари бузилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, реклама ахборотлари Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида бўлиши керак; агар зарурат бўлса, реклама бошқа тилларда ҳам берилиши мумкин, бироқ бу ҳолатда ҳам давлат тилидаги матннинг устуворлиги сақланиши, реклама материаллари қонуний жойлаштирилиши шарт.

Ноқонуний ўрнатилган реклама пешлавҳаси белгиланган тартибда демонтаж қилинди, дейилади пойтахт ҳокимлиги ахборотида.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Миллий Статистика қўмитасига кўра, 2025 йил январ–октябр ойларида ўқиш мақсадида Ўзбекистонга келган чет эл фуқаролари бир йил олдингига нисбатан 1,5 баробарга кўпайиб, 33 мингдан ошган. Улардан 14 мингдан ортиғи – ҳиндистонлик, 8 мингдан зиёди туркманистонликлардир.