Низомга мувофиқ, мазкур механизм орқали талабалар ўз ўқишини давом эттириш учун молиявий қўллаб-қувватлов олиши, иш берувчилар эса ўз эҳтиёжига мос кадрларни олдиндан тайёрлаш имкониятига эга бўлиши кўзда тутилган.
Маълум қилинишича, олий таълим ташкилоти, талаба ва буюртмачи ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномаларда буюртмачи сифатида ишчилар сони 50 нафардан ортиқ бўлган ёки қиймати камида 1 млн АҚШ долларлик инвестиция лойиҳасига эга вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар иштирок этиши мумкин.
Низомда талабаларни саралаб олиш тартиби ҳам белгиланган. Хусусан:
- талабалар ҳар йили 20 сентябргача саралашда қатнашиш учун олий таълим ташкилотига электрон ариза топширади ва унга ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотномани илова қилади;
- сараловда иштирок этиш учун талабгорнинг жорий ўқув йилидаги GPA кўрсаткичи 3 ва ундан юқори бўлиши талаб этилади;
- танлов комиссияси ҳар йили 15 октябргача талабгорларни суҳбат асосида саралаб олишдан ўтказади;
- саралашда буюртмачи вакили хулосаси асосий мезон сифатида қайд этилган.
Шунингдек, низомга кўра, талабалар ўқишни тугатгач, буюртмачи корхона ёки ташкилотда ишлаб бериш шарти билан ариза топширади. Уч томонлама шартнома тузган ва таълимни муваффақиятли тамомлаган талабалар битирувдан кейин буюртмачи томонидан белгиланган тартибда ишга қабул қилиниши назарда тутилган.



