Лойиҳага мувофиқ, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат идоралари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, адвокатлар сонини камида 2000 нафарга кўпайтириш режалаштирилмоқда.
Коррупцияга қарши кураш йўналишида эса Transparency International ташкилоти эълон қиладиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 20 поғонага кўтарилиш мақсад қилинган. Давлат харидларида маълумотларни машинада ўқий оладиган форматда, хусусан, Open Contracting Data Standard (OCDS) форматида жойлаштириш улушини 100 фоизга етказиш ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, рақобатлашмаган усулларда амалга оширилган давлат харидлари улуши 20 фоиздан ошмаслиги таъминланиши (фавқулодда ҳолат ва ягона етказиб берувчи билан амалга оширилган харидлар бундан мустасно), шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг 100 фоизи “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.



