Адлия вазирлиги “Медиаторлар томонидан статистика маълумотларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом”ни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами: 3740, 05.01.2026 й.).

Низомга кўра, медиаторлар статистика маълумотларини ҳар чорак учун ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-санасигача ҳудудий адлия органларига тақдим этади. Агар тақдим этиш муддатининг сўнгги куни дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, муддат кейинги иш кунига узайтирилади.

Шунингдек, статистика маълумотларида хато ёки камчиликлар аниқланганда медиаторлар шу куннинг ўзида уларни бартараф этиш зарурлиги ҳақида хабардор қилинади.

Ҳудудий адлия органлари тақдим этилган маълумотларни умумлаштириб, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай Адлия вазирлигига киритади. Адлия вазирлиги эса умумлаштирилган статистика маълумотларини ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириши белгиланган.