Греция аэропортлари самолётлар билан алоқа тизими кутилмаганда ўчиб қолганидан кейин рейсларни жўнатиш ва қабул қилишни босқичма-босқич қайта тикламоқда. Бу ҳақда якшанба, 4 январ куни Reuters агентлиги мамлакат фуқаролик авиацияси бошқармасига таяниб хабар берди.
4 январ тонгида Афина ва Македония ҳаво ҳаракатини бошқариш марказларининг алоқа тизимлари ишдан чиққан. Айнан шу марказлар билан Греция ҳаво ҳудудига кириб келадиган барча самолётлар алоқа ўрнатиши керак. Носозлик фонида мамлакат ҳокимияти грек аэропортларидан барча парвозларни вақтинча тўхтатган. Грецияга йўл олган айрим самолётлар эса бошқа мамлакатларга йўналтирилган.
Reuters маълумотига кўра, Греция ҳаво ҳудуди маҳаллий вақт билан соат 16:00 гача ёпиқ бўлган. Фуқаролик авиацияси бошқармаси таъкидлашича, аэропортлар ишини фақат чекланган режимда қайта йўлга қўйишга эришилган. Самолёт учувчилари ердаги диспетчерлар билан алоқада қолиш учун захира частоталарга ўтишга муваффақ бўлган.
Reuters иқтибос келтирган амалдорлардан бирининг сўзларига кўра, ҳокимият грек аэропортларидан учиб чиқадиган рейслар сонини соатига 45 тагача оширишга эришган.

